Линклар

Шошилинч хабар
04 июн 2025, Тошкент вақти: 21:42

Усмоновнинг музлатилган миллионлари. Ўзбекистон-Италия сармоя жамғармаси тузади


Алишер Усмонов (чапдан тўртинчи) Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин билан, 5 апрель, 2017 йил, Россия.
Алишер Усмонов (чапдан тўртинчи) Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин билан, 5 апрель, 2017 йил, Россия.

Сўнгги 2 ой ичида Ғарбдан учинчи нуфузли делегация - Италия бош вазир Жоржа Мелони раҳбарлик қилган делегация Самарқандга борди.

Ўзбекистон ва Италия ўртасида қарийб 2 ярим миллиард долларлик келишув ҳамда ўзаро сармоя жамғармаси очишга келишилгани хабар қилинди.

Таҳлилчилар бу жамғармада Россиянинг асли ўзбекистонлик миллиардери сифатида танилган Алишер Усмоновнинг ҳиссаси катта бўлишини тахмин қилмоқда.

Йирик расмий тадбирларни Тошкентдан олган - Самарқанд шаҳрида президент Мирзиёев ва унинг ҳукумати расмийлари хорижлик меҳмонларни тез-тез қарши олмоқда.

Италия Бош вазири Жоржа Мелони ўтган ҳафтадаги сафари давомида энг юқори даражада қабул қилинди ва музокаралар олдидан шахсан Шавкат Мирзиёев меҳмонга Самарқандни кездирди.

Италия бош вазири Ўзбекистонни Италия учун “ниҳоятда муҳим ҳамкор”, деб атади:

“Бугун имзоланиши кутилаётган кўплаб келишувлар ҳамкорлигимизнинг нақадар кенг кўламли эканини яққол кўрсатмоқда. Сиз менга топширган, Ўзбекистонда аллақачон фаолият юритаётган итальян компанияларининг сармоялари ҳақида — 3 миллиард атрофида — ва ҳозирда муҳокама қилинаётган яна 2,4 миллиард еврога тенг инвестициялар ҳақида маълумот жуда муҳим”.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, музокараларда стратегик шерикликка қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланган:

- инвестиция, хомашё, миграция ва ҳаракатланиш эркинлиги соҳалари;
- барқарор ривожланиш, атроф-муҳит ва маданий меросни сақлаш соҳалари;
- Тушиа, Пиза ва Турин университетлари билан шерикликка оид ҳамкорлик келишувлари.

Расмий хабарда айтилишича, Мирзиёев 2023 йил июнда Римга бориб келганидан бери ўзаро товар айирбошлаш қарийб 3 баробарга ошган. Ўша йили ноябрда Италия президенти Сержо Маттарелла Ўзбекистонга борганди.

Кейинги йилларда, таълим соҳасида ҳам ҳамкорлик фаоллашгани кузатилмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда Турин ва Пиза университетлари филиаллари очилди.

Қирғизистонлик талаба ва консультант Марина Сайфиддинга кўра, Ўзбекистондан Италияга бораётган талабалар сони йилдан-йилга ошмоқда:

“Чет эллик талабалар учун биринчи қизиқ жиҳати - инглиз тилида ўқиш имконининг кўплиги, кейин стипендия олиш имконияти. Чунки, кўпчилик талабаларда контракт тўлаб ўқиш имкони йўқ. Бу жиҳатдан Италия Европа давлатлари орасида илк ўринларда туради. Чунки, Италиянинг турли минтақалари, шаҳарлари кўп – ғарб ва шарқдаги Лацио, Венетто минтақаларида ҳар бир талабага йилига 8 минг еврогача стипендия берилади. Бу стипендиянинг бир тури, холос. Марказий Осиёдан энг кўп борганлар қозоқлар, иккинчи ўринда ўзбеклар. Солиштирганда, ўзбекистонлик талабаларнинг билим даражаси юқорироқ, деб биламан”.

Маълумотларга кўра, Италияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони ҳам ортмоқда.

Турли уй юмушлари ёки ошхона, кафе, ресторанларда идиш ювиш, тозалаш ёки хўрандаларга хизмат кўрсатиш каби ишларда кўринётган ўзбекистонликлар кўпайгани айтилади.

Бу бир тарафдан Италияга талаба визаси олиш тартиби бошқа ЕИ давлатларига нисбатан бироз енгиллиги билан боғлиқ бўлиши мумкин, дейди Сайфиддин.

“Шенген ҳудуди учун талабалик визасини олиш осонроқ. Биринчи талаб, университетдан ўқишга қабул қилингани ҳақида маъмлумотнома олиши керак. Шу билан қолган ҳужжатлаштириш ишлари осон бўлади. Шунинг учун, талаба визасини олиб келиб, ишлаб юрганлар ҳам бор. Лекин уларнинг аниқ сонини билмайман. Мен билган Марказий осиёликларнинг кўпи ўқигани ёки саёҳат қилгани ҳам келишади. Лекин билишимча, Италияда ўқиш шартлари қаттиқ эмас. Масалан, дарсга қатновчи ёки масофадан ўқувчи бўлиб, дарсга ёзилиш мумкин. Яъни, университетга бормасдан ҳам ўқиш мумкин”, дейди Марина.

Италия Бош вазири билан музокараларда миграция масаласи ҳам муҳокама қилингани айтилди, аммо тафсилотлар хусусан, ўзбекистонлик мигрантларга оид конкрет қандай масалалар муҳокама қилингани очиқланмади.

Шавкат Мирзиёев президентликка келганидан буён бундай ташрифларга оид баёнотларда ҳукумат - ўнлаб шартнома номию суммасини эълон қилиш билан чекланмоқда. Яъни, бу келишувлар матни, шартлари, конкрет қиймати ва кейинги ижросига оид расмий маълумотлар одатан жамоатчиликка очиқланмаётир.

Аксар таҳлилчилар, бундай ўзаро мулоқотларда ёпиқ эшиклар ортида ўтаётган сўзлашувлар ҳам кенгайиб бораётгани, бундай сўзлашувлар мазмуни ёки натижаси ҳам жамоатчиликка очиқланмаётганини урғулайди.

Таҳлилчиларга кўра, бунинг сабаби - Украинага босқини ортидан Ғарбдан яккаланган ва Марказий Осиёга сиёсий, иқтисодий босимини кучайтирган Кремлдир.

“Ўзбекистон, Россия Федерациясидан масофа сақлаяпти. Ҳозирча Россия назоратидаги КХШТ ва Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо эмас. Бу эса, аслида, бир имкониятдек кўрилмоқда. Яъни, шу вазиятдан фойдаланиб, Европа Иттифоқи аъзолари билан муносабатларни чуқурлаштириш мумкин. Шу билан бирга, сўнгги вақтларда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё ва бошқа минтақаларга қизиқиши ортиб бораётгани кузатилмоқда. Бу, айниқса, АҚШ билан муносабатлар мураккаблашиб бораётган бир пайтда, Европа муқобил манбаларни излаш эҳтиёжини сезмоқда. Айниқса, стратегик аҳамиятга эга бўлаётган ноёб металлар масаласида. Чунки бу ресурслар ҳам ҳозир геосиёсий воситага айланиб бораётгани кўриниб турибди”, дейди Лондондаги Central Asia Due Diligence маркази раҳбари, сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов.

МО минтақасида Россия билан қуруқликдаги энг узун чегарага эга бўлган Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон Кремл билан яқин ҳамкорликни юритмоқда.

Ўзбекистон жамоатчилиги, Кремлнинг мамлакатдаги энергетика ва айниқса, атом энергетикаси соҳасини эгаллаётганидан норози, боиси бу секторлар Тошкентга сиёсий босим ўтказиш учун қулай ричакка айланиши мумкин, деган хавотир бор.

Айни пайтда, Россиядан Ўзбекистонга кўчаётган бизнес тузилма ва элитаси орасида Кремлнинг яқин ҳамкори сифатида санкцияга учраган Алишер Усмонов каби шахслар манфаати ҳам бор, деган тахминлар тилга олинмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон ҳукумати Италия томонига қўшма инвестиция жамғармаси тузишни таклиф қилди. Кузатувчилар бу каби жамғарма Алишер Усмонов маблағларига ташкил этилиши мумкин, деган тахминни илгари сурмоқда.

Бунга қадар Алишер Усмонов бойлигининг катта қисмини Ўзбекистон тараққиётини қўллаб-қувватлашга бағишлашини бир неча бор билдирганди.

"Мен барча куч ва имкониятларимни Ўзбекистонга ёрдам бериш ва унга фойда келтириш учун сафарбар қиламан. Бу менинг энг катта мақсадим ва шу мақсадда мен бизнес бошқаруви ҳамда акциядор сифатида иштирок этган кўпгина лойиҳаларни тарк этдим”, деган эди Алишер Усмонов, TGcom24 телеканалига берган интервьюсида.

Бундан ташқари, Усмонов Ўзбекистон ривожланиш стратегияси ва Европа Иттифоқи билан муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни ҳам молиявий қўллаб-қувватлашга ваъда берган.

Бунинг эвазига эса, аксар таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистон ҳукумати Усмановга қарши санкцияларни бекор қилишда унга ёрдамлашмоқда.

"Ўзбекистон, асосан ёпиқ эшиклар ортида, Усмоновга нисбатан санкцияларни бекор қилиш учун Германияда ҳам лоббичилик қилганди. Италия билан муносабатларда ҳам шундай аломатлар кўзга ташланмоқда. Италияда Усмоновнинг бизнес резиденцияси жойлашганди. Ҳозир Италия ҳам Усмонов капиталига қизиқаётган, уни йирик инвестор сифатида кўраётган бўлиши мумкин. Ачинарлиси, инсон ҳуқуқлари ёки коррупцияга қарши кураш каби масалалар ҳозир анча четга сурилган. Лекин, айни пайтда, Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи аъзолари билан бундай алоқаларини мустаҳкамлаётганини ижобий баҳолаш мумкин”, дейди Алишер Илҳомов.

Ўз вақтида Financial Times нашри, Мирзиёев ҳукумати Европа иттифоқидан Усмоновга нисбатан санкцияларни бекор қилиш ва унинг Ғарбда музлатилган бойлигини Ўзбекистонга киритишга имкон беришни сўргани ҳақида ёзганди.

“Ўзбекистон Европа Иттифоқига Алишер Усмонов ва унинг опасига қўйилган санкцияларни бекор қилиш бўйича лоббичилик қилмоқда. Айни пайтда, асли ўзбекистонлик Россия миллиардери Усмонов Москва бошлаган Украина урушининг оқибатларидан ўзини четлашга ҳаракат қиляпти. Усмонов 2022 йил февраль ойида Владимир Путиннинг Украинага кенг кўламли босқини ортидан, Европа Иттифоқи санкцияларига учраган 26 россияликдан биридир. Европа Иттифоқи уни Россия президентига “энг яқин олигархларидан бири” сифатида таърифлаган”, деб ёзганди нашр.

Рейтерс агентлиги эса, Алишер Усмоновнинг Италиядаги 80 миллион евро (тақрибан 88 миллион доллар)дан ортиқ активи Европа Иттифоқи санкциялари доирасида музлатиб қўйилганини хабар қилган.

Хабарга кўра, бу активлар қаторига Сардиния оролидаги вилла ва кўчмас мулк ҳамда қимматбаҳо автомобилларга эгалик қилувчи 6 та ширкат киритилган.

Айнан Алишер Усмонов бир вақтлар Италияга берган катта миқдордаги хайрияси учун зиддиятларга ҳам сабаб бўлган.

2017 йилда Усмонов Италиянинг "Order of Merit of the Italian Republic" унвони билан тақдирланган.

Бу мукофот унга Римдаги машҳур Улпия базиликасининг бир қисми реставрацияси учун 1,5 миллион евро (1,6 миллион доллар) миқдоридаги маблағни хайрия қилгани учун берилган. Мукофотни унга Италия Президенти Сержо Маттарелланинг ўзи топширган эди.

Европа жамоатчилиги ўшанда бу пуллар Владимир Путинга яқин бойники, деб норози бўлганди.

Европа Иттифоқининг рамзий журнали - Official Journal of the European Union нашри Усмоновни “Владимир Путинга энг яқинидаги олигархлардан бири” деб атаган.

Ўз вақтида Россия президенти Путин ёнида юргани учун санкцияланган Усмонов ўтмишда ҳам Италия, ҳам Ўзбекистон президентлари қўлидан мукофот олган.

Евроҳудуддаги 3-йирик иқтисодиёт эгаси бўлган Италия сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон билан энг олий даражадаги иккитомонлама алоқалари изчиллаштираётган - Франциядан кейинги иккинчи йирик Европа давлатидир.

Ўзбекистонга қарийб 30 йил раҳбарлик қилган биринчи президент Ислом Каримов икки бор - 1996 ва 2000 йилларда Италияга борган. 1997 йилда эса Италиянинг ўша кездаги президенти Оскар Скальфаро ҳамда ўша йилиёқ Италия Бош вазири бўлган Романо Проди Ўзбекистонга келганди.

Аммо, 2005 йилда Андижонда содир бўлган қонли воқеаларда 200 га яқин тинч аҳоли ўлдирилгач, Ислом Каримов ҳам Ғарбдан яккаланган, Ўзбекистонга Европадан борадиган олий даражадаги меҳмонларнинг қадами қарийб узилганди.

Аксар таҳлилчиларга кўра, ҳозирга келиб Тошкентнинг Ғарб билан изчиллашаётган мулоқотлари сабаби - Шавкат Мирзиёевнинг президентлиги ёки Ўзбекистон ҳукумати даъво қилаётгани каби, Тошкентнинг халқаро ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлар, жумладан инсон ҳуқуқлари, сўз эркинилигига содиқлиги эмас. Балки, Россиянинг Укрианага босқини ҳамда АҚШ да қайта ҳокимиятга келган Доналд Трамп маъмуриятининг фавқулодда фарқли сиёсати ортидан минтақада юзага келган геосиёсий вазиятдир.


Форум

XS
SM
MD
LG